Инсон умри давомида ташриф буюриши лозим бўлган топ 10 жойлардан бири — Ўзбекистон

Инсон умри давомида ташриф буюриши лозим бўлган топ 10 жойлардан бири — Ўзбекистон

Ўзбекистон “National Geographic” журналининг “Инсон умри давомида ташриф буюриши лозим бўлган топ 10 жойи” рўйхатида.

“National Geographic” журналида нашр этилган мақолаларнинг бирида Ўзбекистон кўпроқ сайёҳлар ташрифи учун ҳақли ва тўла арзирли дунёнинг 10 нуқталаридан бири деб тан олинган. Барчамизга маълумки, “National Geographic” дунёдаги энг машҳур илмий-географик нашрдир. Журналнинг биринчи нашри 1888-йилнинг октябрида “National Geographic” жамияти тузилганининг 10 ойида оммага тақдим этилган. Журналда нашр этиладиган ҳар бир мақола ўқувчини фикр юритишга мажбур этади ва илҳомлантиради. Журнал мақолалари одамларни қадимий ва диққатга сазовор жойларга янги кўз билан қарашга, шу билан бирга, ҳали одамзот томонидан ўзлаштирилмаган жойларга саёҳат қилишга туртки бўлади.
“Кўпроқ сайёҳлар диққатига ҳақли дунёнинг 10 нуқтаси” мақоласида (10 places that deserve more travelers) юртимиз Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрлар билдирилган. Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг фикрларига кўра “Ўзбекистон саёҳатчилар учун энг хавфсиз мамлакат” лардан биридир.
Мақолада айтилишича, Буюк Ипак Йўлининг юрагида жойлашган Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энг гўзал ва тарихий ёдгорликларга бой мамлакатдир. Узоқ саёҳатдан чарчаган сайёҳлар учун эса у фақатгина ноодатий табиий ва меъморий гўзалликни эмас, балки, меҳмоннавоз ўзбек халқининг очиқ мезбонлигини ҳам таклиф этади.
Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарларимиз сайёҳларда кенг таассурот қолдиргани ҳам сир эмас. Бу шаҳарларнинг бой тарихи, асрлар гўзаллигини ўзида сақлаб қолган ва қайта тирилтирган меъморий гўзалликлари ва бозорлардаги савдо санъати сайёҳлар юрагидан бир умр жой олгани айни ҳақиқат. Ўзбек миллий таомларининг нафислиги сайёҳлар алоҳида таъкидлаб ўтган қимматликлардан бири бўлган. Қўй гўштидан тайёрланган таомлар, палов ва лағмон каби машҳур таомларимиз сайёҳларда чуқур таассурот қолдирган ва шарқнинг хушбўй ҳидини эслаб қолишга сабабчи бўлган десак муболаға бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон “National Geographic” саёҳатчиларини нафақат ўзининг ёрқин тарихи, балки, осуда ўлка эканлиги ва меҳмондўстлиги билан ҳам ҳайратда қолдирганига ҳеч шубҳа йўқ. Мақола мухбири мақоласининг сўнггида шундай деб ёзади “Эсда тутинг, Ўзбекистон таассуротлари ўз уйингизга қайтиб борган тақдирингизда ҳам ҳали узоқ вақт хотирангизда қолади”.
Дунёнинг шундай буюк журналининг энг яхши мухбирлари бизнинг юртимиз гўзаллигию, одамларининг меҳрибонлиги ва меҳмондўстлигига алоҳида урғу берган экан, бунга арзирли сабаблар борлиги шубҳасиз.

Биз ўзбеклар мана шундай жаннатнамо ерда яшаймиз. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳар биримиз ҳам юртмиз гўзалликларини тўлиқ кўриб била олмаганмиз. Ота-онангиз, оилангиз ва фарзандларингиз билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат уюштириш қанчалар ажойиб бўлар эди?